«ҲАСАНХОН ҚОРИ» МАСЖИДИ –МУБОРАК ОЙГА МУНОСИБ ТУҲФА

Эртадан бутун Ислом уммати муборак Рамазон ойининг рўзасини тутишга киришади. Шу боис республикамизнинг барча ҳудудларида раҳмат ойини муносиб кутиб олиш ишлари қизғин паллага кирди. Шукуҳли дамларда янги масжидларнинг очилаётгани ҳар бир мўмин қалбига қувонч олиб кираётир. Айниқса, янги ва замонавий масжидга эга бўлган намозхонларнинг хурсандчилиги чексиз.
Куни кеча пешин намозидан олдин Тошкент шаҳар Чилонзор тумани «Қатортол» маҳалласидаги Hi-tech услубида бунёд этилган “Ҳасан қори” масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳамда диний соҳа ходимлари қатори нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирда Абдуқаҳҳор домла барча иштирокчиларни Рамазони шариф ва янги масжид билан муборакбод этдилар.
Масжиднинг эски биноси 1993 йилда 10 сотих майдонга қурилган эди. Вақт ўтиши билан у эскириб, намозхонлар учун торлик қила бошлади. Кейинчалик хайрия пуллари ёрдамида масжид ёнидаги ерлар сотиб олиниб, умумий ҳудуди 30 сотихга етказилди. Мана шу ерда уч ярим йил мобайнида масжид Hi-tech услубида бунёд этилди. Бундан ташқари, кутубхона, маъмурият хоналари бор. Уларнинг барчаси иситиш ва совутиш тизимларига эга.
Масжидни барпо этишда хизмати сингган саховатпеша инсонларни Аллоҳ мукофотласин. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким каклик иничалик ёки ундан кичикроқ бўлса-да Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ таоло у учун бир байт(уй)ни бино қилади” деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Очилиш маросими хайрли дуолар билан ниҳоясига етди.

Leave a comment