Ибрат
Ҳадис илми устозларидан Суфён Саврийнинг онаси ўғлига бундай деган: “Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишларини ўйлаб, фикрингизни бўлманг. Мен, иншоаллоҳ, ип йигириб сотиб ўқишингизга кўмаклашаман”.
Унинг ўғли Суфён йиллар ўтиб Имом Авзоий таърифлаганидек: “Сўзини Ислом уммати бир овоздан қабул қиладиган нодир олим” бўлиб етишди.
* * *
Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий отасидан жуда эрта етим қолади. Фарзанд тарбиясидан хавотирланган она икки яшар ўғлини Ғаззадан Маккага олиб келади. “Ота-боболаринг юртида ўсиб-улғайганинг яхши”, дейди.
Шофиъийнинг ўзи ҳикоя қилганидек: “Онам мени ўқитишни жуда-жуда истарди. Лекин етарли маблағи йўқ эди. Менинг ўзим ўқишга астойдил киришдим”. Музаний дейди: “Шофиъий етти ёшида Қуръонни ёд олган, ўн ёшида эса “Муватто”ни ёдлаган”.
* * *
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ҳикоя қилади (у киши ҳам жуда эрта етим қолган): “Олти ёшимда онам мени тонг саҳар уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройли кийимларни кийгазиб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақохга киргизиб, ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб, бомдод намозига азон айтарди”.
* * *
“Ибн Нажийя” (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим даврининг катта муфассир ва воизларидан эди. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюб ҳурматига сазовор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларга эришганининг сирини айтиб, бундай дейди: “Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:
– Бугун қайси сурани ўргандинг?
Мен дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам, шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди: “Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабди-да. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида бундай дейишган, яна бундай дейишган”, деб тоғамнинг айтганларига қўшимча қиларди”.
Мирзо Улуғбек тумани отинойиси
Орзигул НЕЪМАТОВА тайёрлади.