Мурувват
Байрам барча кўнгилларга кириб бориши билан файзли, шукуҳли бўлади. Айниқса, меҳрга муҳтож, ўзгалар кўмагидан умидвор инсонлар ҳолидан хабар олиш байрам қувончини икки карра оширади.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев ва вакиллик масъул ходими Саидхон Махсумов Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари имом-хатиблари билан Олмазор туманидаги 1- ва 2-сонли Меҳрибонлик уйларига бориб, у ерда тарбияланаётган болажонларни, мураббийларни энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами билан самимий табрикладилар. Уларга совға-саломларни топширдилар.
Ўксик болажонларнинг кўнгиллари тоғдек юксалиб, жажжи қўлларини кўтариб, ўзлари билганича бундай хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларнинг ҳақларига дуолар қилишди.
* * *
Шунингдек, Абдуллоҳ домла Йўлдошев ва вакиллик масъул ходими Саидхон Махсумов бошчилигида мазкур туманлар имомлари ҳудуддаги Мурувват уйларида ҳам бўлишди. Бу ерда отахонлар билан дилдан суҳбатлашиб, уларни ҳам байрам билан қутлаб, ҳадялар улашди.
Нуронийлар имомларни кўзда ёш билан алқаб, юртимиз янада тинч, осмонимиз муссаффо бўлишини Яратгандан сўрашди.


























