БОШ ИМОМЛАРГА СЕРТИФИКАТ ТОПШИРИЛДИ

Бухоро вилояти Мир Араб олий мадрасасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари учун “Аҳоли радикаллашувининг олдини олишдаги долзарб масалалар” йўналишида малака ошириш ўқувлари якунланди.
36 соатга мўлжалланган ўқувларда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Д.Махсудов “Дунёвий давлатда диннинг ижтимоий муносабатлардаги ўрни ва аҳамияти”, Қўмита масъул ходими Ж.Алиев “Диний мазмундаги материалларни қонунга зид равишда тарқатиш, олиб кириш ва сақлаш билан боғлиқ жавобгарлик масалалари”, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор М.Муҳаммадсиддиқов “Дунёнинг диний манзараси ва дин билан боғлиқ геосиёсий жараёнлар таҳлили”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, PhD О.Эрназаров “Радикализм ва экстремизмга қарши кураш: генезис, замонавий ҳолат ва халқаро тажриба”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳ.Тоштемиров “Долзарб масалаларга раддия бериш методологияси (мазҳабсизлик, Қуръон оятлари ва ҳадислардан тўғридан-тўғри ҳукм олиш)” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.


Бугун малака ошириш ўқувларида қатнашган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчилигидаги пойтахтимиз туманлари бош имом-хатибларига сертификатлар топширилди.


Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган бош имом-хатиблар учун Бухоро вилоятидаги етти пир зиёратгоҳи ва бошқа диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилди.

✅  Улашинг | @MuslimShosh

Leave a comment